Темур давлатининг дипломатик ва савдо алоқаларига доир
Тарихий манбаларда Амир Темурнинг хорижий давлатлар ҳукмдорлари билан олиб борган дипломатик алоқаларига доир кўплаб маълумотлар мавжудки, уларни кўздан кечирар эканмиз, Шарқ ва Ғарб давлатлари билан олиб борилган серқирра муносабатлардаги Соҳибқироннинг дипломатик маҳорати намоён бўлади.
Унинг бу сиёсий муомала маҳорати марказлашган давлатни тиклаш йўлидаги кураши йилларидан буён сайқал топиб келаётган эди. Катта бир ҳудудда парокандалик, кичик ҳукмрон доиралар аро мужодалалар авжига чиққан суронли йилларда ҳокимиятга эришиш учун фақатгина кучнинг ўзи кифоя бўлмаслигини чуқур англаган Темур, барча сиёсий муаммоларни хал этишда дипломатияни ишга солди.